Қуйидагилар йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг асосий вазифалари ҳисобланади:
- йўл-транспорт инфратузилмасининг ҳолати, йўл-транспорт ҳодисалари динамикаси, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши, йўлларнинг тирбандлиги, транспорт воситаларининг техник ҳолатини ҳисобга олган ҳолда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги маълумотларни комплекс ва тизимли таҳлил қилиш, шунингдек мазкур соҳада вужудга келадиган муаммолар ва камчиликларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш;
- ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг йўл-транспорт ҳодисалари ва йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишлари билан курашиш борасидаги фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;
- йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланишини, шу жумладан йўл ҳаракати қоидалари бузилиши профилактикаси ва уларга чек қўйишни, йўл-транспорт ҳодисалари ва йўллар тирбандлигини олдини олишни, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига алоқадор бўлган шахсларни излаб топиш ва шахслари аниқланишини ташкил этиш;
- ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш, шунингдек аҳоли билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича очиқ мулоқотлар олиб бориш;
- йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини, шунингдек унинг шакллари ва услубларини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.