ҲАЙДОВЧИ ЙПХ ХОДИМИГА БЎЙСУНМАДИ
Республикамиз ҳудудида жорий этилган карантин даврида фуқароларга қулайлик яратиш учун юк автомобилларининг ҳаракати тўхтатилмади. Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бозорларга ўз вақтида етиб борсин, дея уларга шу имтиёз берилди. Аммо, баъзи бир ҳайдовчилар ўзларига берилган бу имтиёзларни суистеъмол қилиб, карантин постларида хизмат олиб бораётган ходимлар талабига бўйсинмасдан, ўзбошимчалик билан қоида талабларини бузишмоқда.
Тошкент вилоятининг Бекобод туманида ташкил этилган “Навоий” карантин постида хизмат олиб борётган ЙПХ инспектори М.Рахмонов “ЗИЛ-138А” русумидаги, давлат рақам белгиси 20 L 678 DA бўлган юк автомобилига тўхташ ишорасини беради. Аммо ҳайдовчи бу талабга бўйсинмасдан ўз ҳаракатини давом эттиради. Автомашинанинг бу тарзда беписандлик билан тўхтамай кетиши шубҳали, албатта. Шу сабабдан ходимлар тезкор чора-тадбирлар қўллаб автомашинани тўхтатишади. Маълум бўлишича уни ҳайдовчи, 1988 йилда туғилган, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани, “Тошкент” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи О.Ш. бошқариб бораётган экан.
У ходимларнинг, “нима учун тўхташ ишорасига бўйсинмадингиз” деган саволларига бирор жўяли жавоб қайтара олмади ва айбига иқрор бўлди. ЙПХ инспектори унга нисбатан ўрнатилган тартибда маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани вақтинчалик жарима майдонига киритиб қўйди. Энди ҳайдовчи қилмишига яраша тегишли жазосини олади.
Ҳурматли ҳайдовчилар! ЙПХ инспекторларининг қонуний талабларига амал қилинг. Бу ўзингиз ва ўзгалар хавфсизлиги учун муҳим.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати