Ҳайдовчининг рулда ухлаб қолиши ўзи ва вояга етмаган боланинг ўлимига сабаб бўлди
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабарига кўра, жорий йилнинг 29 апрель куни соат 18:00ларда, Жиззах вилояти, Пахтакор тумани ҳудудидан ўтган “Термиз-Тошкент” М-39 автомобиль йўлининг 967 км.да, ҳайдовчи 1995 й.т Б.Э. “Матиз” русумли транспорт воситасини Тошкент йўналашига қараб бошқариб кетаётган вақтида ухлаб қолиши натижасида рул бошқарувини йўқотиб автомашина йўлнинг ўнг четига чиқиб кетиб ағдарилиши оқибатида ЙТҲ содир бўлган.
Натижада, ҳайдовчи Б.Э. ва йўловчи вояга етмаган, 2007 й.т. З.Э. воқеа жойида вафот этишган.
Автомашина салонида бўлган йўловчилар: 35 ёшли М.М., 14 ёшли У.Э., 12 ёшли А.Э. ва 6 ёшли С.Э. лар тиббиёт бирлашмасига турли тан жароҳатлари билан ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пахтакор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳурматли йўл ҳаракати иштирокчилари карантин вақтида заруратсиз кўчага чиқмаслигингизни, зарурат билан чиққан вақтингизда ҳам чарчоқ ҳолатида транспорт воситаси бошқармаслигингизни, “Йўл ҳаракати қоидалари”га амал қилишингизни сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати