Тест режимида

Ҳодисалар

Бир кунда 10 та йўл-транспорт ҳодисаси

2019 йил 21 декабрь куни соат 17:30 ларда, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Жарариқ кўчасида, ҳайдовчи Шайхонтоҳур туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган К.Д. маст ҳолда, тегишли ҳужжатларсиз “Мерседес-Бенц” русумли автомобилини бошқараётиб, йўлни белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган пиёда, Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи, 1978 йилда туғилган Х.С.ни уриб юборган. Натижада, пиёда Х.С. тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган.

Бундан ташқари, худди шу куни республикамиз ҳудудида пиёдалар иштирокида яна тўққизта йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилган. Афсуски, уларнинг аксарияти пиёдалар томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлар сабабли юзага келган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, барча пиёдаларни йўлларда ҳаракатланишда ҳушёр бўлишга, “Йўл ҳаракати қоидалари”га, ҳаракатланиш хавфсизлиги талабларига қатъий амал қилишга чақиради. Унутманг, транспорт воситасини бирданига тўхтатиб бўлмайди. Бир сониялик шошма-шошарлик бир умрлик афсусга сабабчи бўлиб қолмасин.

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати