Чарчоқ - ЙТҲга сабаб бўлди!
Хоразм вилоятидан йўлга чиққан ҳайдовчи В.У. “Тошкент шаҳрига озгина қолди, бир ғайрат қилсам етиб оламан”, деган алдамчи ҳиссиётга берилди. 23 март куни эрталаб соат 06:50 ларда М39-“Термиз-Тошкент” ҳалқаро автомобиль йўлининг Тошкент вилояти, Чиноз тумани ҳудудидан ўтган 862-километрида чарчоқ уни буткул қамраб олди. Янгийўл тумани томон ҳаракатлана туриб ухлаб қолди. Натижада унинг бошқарувида бўлган “Нексия” русумли транспорт воситаси йўл четига чиқиб кетиб, ағдарилди.
Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳайдовчи В.У. ҳамда унинг йўловчиси Ў.Р. турли даражадаги тан жароҳатлари олиб туман шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилди.
Худди шундай ҳодиса 22 март куни вилоятнинг Қибрай туманида ҳам содир этилди. Шу куни соат тахминан 02:35 ларда ҳайдовчи А.Г. “Каптива“ русумли транспорт воситасини “Ўнқўрғон-Янгиер-Май” автомобиль йўлининг 4-километрида бошқариб кетаётиб бошқарувини йўқотган. Натижада автомобиль йўлдан чиқиб кетиб дарахтга бориб урилган.
Бу тўқнашув натижасида ҳайдовчи А.Г. ҳаёт учун хавфли бўлган тан жароҳатлари билан туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Ҳурматли ҳайдовчилар! Чарчоқни енгаман, деманг. Чарчадингизми, тўхтанг ва бир озгина дам олинг. Очиқ ҳавода айланинг. Бу руҳингизни тетиклаштириб, уйқу келишининг олдини олади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати