ДЙҲХХ ходимига пора берган шахс қўлга олинди
Жорий йилнинг 2 март куни Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори Ф.Мардонов томонидан ҳайдовчи Қ.Ш.га нисбатан мастлик ҳолатида транспорт воситасини бошқарганлиги юзасидан ўрнатилган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган ва ҳайдовчи бошқарувидаги “Нексия” русумли транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қўйилган. Ҳайдовчи Қ.Ш. 10 март куни “Нексия” русумли автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига Шофиркон тумани ИИБ ЙҲХГ маъмурий ҳуқуқбузарлик материалларни кўриб чиқиш бўйича инспектори М.Ходжаевга пора таклиф қилган.
Ходимнинг билдиргисига кўра, фуқаро Қ.Ш. 10 март куни соат 17:05 да М.Ходжаевнинг хизмат хонасида “Нексия” русумли транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 300 минг сўм пулларни пора тариқасида бериб, М.Ходжаевнинг иш столи тортмасига солган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Қ.Ш.га нисбатан Шофиркон тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати