Фалокат сабаби эҳтиётсизлик
Йўлларда ҳаракатланиш вақтида ҳамиша ҳушёр бўлиш, эҳтиётсизликка йўл қўймаслик ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашда жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳаракат вақтидаги бир лаҳзалик чалғиш ҳам жуда катта ташвишларни келтириб чиқариши мумкин. Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасини бу гапимизга исбот тариқасида келтиришимиз мумкин.
Жорий йилнинг 18 май куни, соат 12:00 ларда ҳайдовчи, Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшовчи Ў.Э. “Ласетти” русумли транспорт воситасини “Бектемир-Олмалиқ” автомобиль йўлида бошқариб кетаётган вақтда эҳтиётсизлик қилиб йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетади. Гарчи бу йўлда йўл белгилари ва чизиқлар мавжуд бўлсада ҳайдовчи уларга амал қилмайди. Бу эҳтиётсизлик натижасида автомашина қарама-қарши йўналишдан келаётган, ҳайдовчи О.У. бошқарувидаги “Нексия-3” автомобили билан тўқнашади. Мазкур тўқнашув натижасида “Нексия-3” автомобилининг ҳайдовчиси бош мия ёпиқ жароҳати ва чайқалиши ҳамда бошқа бир қатор жароҳатлар билан туман шифохонасига ётқизилади.
Хайриятки, Ў.Э.нинг эҳтиётсизлиги жабрланувчининг тан жароҳатлари олиши билан якунланди. Оқибат бунданда оғир бўлиши мумкин эди. Шу сабабли ҳам ҳамиша “Йўл ҳаракати қоидалари”га амал қилинг.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати