Хатирчида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 30 ёшга тўлмаган ҳайдовчи ва пиёда бевақт вафот этишди
Жорий йилнинг 8 октябрь куни соат 19:50 ларда, Навоий вилояти, Хатирчи тумани, “Алишер Навоий” МФЙ ҳудудидан ўтган 4К-372 автомобиль йўлининг 16-километрида, ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган М.Т. “Ласетти” русумли транспорт воситасида ҳаракатланаётиб, ўзидан олдинда белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган пиёдаларни уриб юбориб, бошқарувни йўқотган ва йўлнинг ўнг томонидаги симёғочга урилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.
Натижада, “Ласетти” русумли автомобиль ҳайдовчиси 27 ёшли М.Т. ва пиёда, 28 ёшли Ш.Қ.лар оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этишган. Шунингдек, пиёда 30 ёшли З.Н. тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Хатирчи тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Барча ҳайдовчилардан эҳтиёткор бўлишларини, тезлик меъёрига амал қилишларини, пиёдалар белгиланмаган жойлардан йўлни кесиб ўтмасликларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати