Ходимларнинг шубҳаси бежиз эмаслиги ўз исботини топди
Республикамизда, шу жумладан Тошкент вилоятида ҳам пандемия сабабли карантин тадбирлари амалга оширилмоқда. Мунтазам постлар, қўшимча ташкил этилган блок ҳамда тўсиқ постларида ходимлар кечаю-кундуз хизмат олиб боришмоқда. Ходимлар ҳамиша ҳушёр. Аммо ҳуқуқбузарлик қилишга мойил бўлган инсонлар шундай масъулиятли вақтда ҳам жиноий ҳаракатларини давом эттиришга, ҳуқуқ посбонларини чалғитишга ҳаракат қилишади.
Тошкент вилояти ҳудудида “Қорадори-2020” профилактик тадбири ўтказилмоқда. Бу эса ҳар бир ходимдан ўта сергакликни ва шу орқали иллат илдизига болта уришни тақозо этади. Шу йил 20 май куни Оққўрғон тумани ИИБ ЙҲХБ бошлиғи, катта лейтенант Т.Зокиров ЙҲХБ инспектори С.Жумаев билан ҳудудда хизмат вазифаларини ўташ давомида ўзининг хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган шахсни тўхтатиб, текшириб кўришган. Бир-неча гувоҳларни таклиф этиб, фуқаронинг қўлидаги халта кўздан кечирилган. Текширув ходимларнинг шубҳаси бежиз эмаслигини кўрсатган. Оққўрғон туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган Ж.А.нинг халтасидан ҳўл ҳолдаги, яшил рангли ва ўткир ҳидли ўсимлик топилган.
Ходимлар фуқарони ашёвий далиллар билан биргаликда туман ИИБга олиб боришган. ЭКБнинг судга оид кимёвий экспертизаси мутахассислар томонидан ўтказилган текширувда ушбу яшил ўсимлик 620 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддаси эканлиги аниқланган.
Ҳозирда ушбу холат юзасидан Оққўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 276-моддаси 2-қисми, “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати