Ижтимоий тармоқларда тарқалган ЙПХ ходими ва фуқаро билан бўлган ҳолат...
Ушбу ҳолат Фарғона вилояти Фарғона тумани ҳудудидаги ҳарбий полигонда 2020 йилнинг 11 январь куни 14 январь - Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлаётганлиги сабабли “Фарғона-Чимён” йўли ЙПХ ходимлари томонидан ёпилган вақтида, Фарғона тумани Оқбилол қишлоғидаги 22-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларини полигондаги тадбирга ўқитувчилар ҳамрохлигида автобусда олиб келинган. Шу ҳудудда хизмат олиб бораётган Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори И.Одилов мактаб ўқитувчиларига тадбир сабабли йўл ёпилганлигини, раҳбарлардан руҳсат сўраш кераклигини айтган вақтида, ўқитувчи: “манда рухсатнома бор, ўтишим керак” деб, инспекторга қўпол муомила қилган ва инспектор билан мактаб ўқитувчиси ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Бирламчи маълумотга кўра, мактаб ўқитувчиси ЙПХ ходимини ҳақорат қилганлиги учун ходим уни ерга йиқитиб патруль автомобилига ўтқизмоқчи бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ томонидан назоратга олиниб айни пайтда хизмат текшируви олиб борилмоқда. Қисқа фурсатларда ушбу ҳолат бўйича батафсил маълумот берамиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати