ЯХШИЛИК ҚИЛМОҚЧИ ЭДИ...
Жорий йилнинг 18 май куни соат 14:30 ларда “Тошкент-Душанбе” ҳалқаро автомобиль йўлининг Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳудудидан ўтган қисмида ўзининг “Матиз” русумли автомобилида ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи М.Р. йўл четида турган танишини кўриб қолади. Танишига яхшилик қилиб, уни ҳам ўзи билан олиб кетишга аҳд қилган ҳайдовчи транспорт воситасини йўл четига олиб тўхтайди ва орқаси билан таниши томонга юради. Аммо, эҳтиётсизлик қилиб, мўлжални аниқ ололмаганлиги сабаб автомобилни ўз вақтида тўхтата олмайди. Натижада, яхшилик қилмоқчи бўлган танишига ташвиш келтиради яъни уни автомобили билан уриб юборади. Бу тўқнашувда пиёда Б.Қ.нинг чап оёқ сон суяги синади. Уни манзилига олиб кетмоқчи бўлган ҳайдовчи йўналишни ўзгартириб шифохона томонга боришга мажбур бўлади.
Бу воқеа унинг иккала иштирокчиси учун бир умр унутилмас бўлиб қолади. Аммо, бу воқеани ҳаракатнинг бошқа иштирокчилари ҳам унутмасликларини, йўлларда доимо сергак ва эҳтиёткор бўлишларини сўраб қолардик.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати