Яна бир фуқаро пул кучини қонундан устун деб ўйлади. Лекин...
Жорий йилнинг 11 февраль куни Тошкент вилояти Чиноз тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ катта инспектори С.Қосимов белгиланган дислокация асосида Чиноз тумани ҳудудида хизмат олиб бораётган вақтида ҳайдовчи А.Б. бошқарувидаги “Дамас” русумли транспорт воситасини ўрнатилган тартибда тўхтатган.
Ҳайдовчи А.Б.да транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари йўқлиги маълум бўлган ва инспектор томонидан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинча жарима майдончасига қўйилган.
Ҳайдовчи А.Б. қонуний чора кўрилмаслиги ва транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига Тошкент вилояти Чиноз тумани ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Ш.Жалиловга маълум миқдордаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.
Ходимнинг билдиргисига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, ҳайдовчи А.Б. туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Ш.Жалиловга 500 минг сўм пулларни пора тариқасида бераётган вақтда қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти, Чиноз тумани прокуратураси томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати