Йўл қоидаси – умр фойдаси!
Пиёда масаласи, улар томонидан содир этилаётган қоидабузарликлар, пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари энг муаммоли ҳолатлардан бири бўлиб қолмоқда. Кунда, кун ора бундай ҳодисалар республикамизнинг барча ҳудудларида, шу жумладан Тошкент вилоятида ҳам содир бўлаяпти. Гарчи, уларни олдини олиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилаётган бўлсада, вазият яхши томонга қараб ўзгариши жуда секин кечмоқда. Чунки бу ҳаракатларда “қарсак икки қўлдан” чиқмаяпти. Пиёдалар масъулиятни хис этишмаяпти.
Кўчаларни қаранг, қайта-қайта айтилишига қарамасдан ёшларимиз қулоқчинлардан фойдаланишни давом эттиришмоқда. Йўлларнинг сунъий ёритилмаган жойларидан ўтаётган пиёдалар хавфсизлик талабларини бузишмоқда. Оқибатда пиёдалар билан боғлиқ салбий ҳолатлар ортиб бормоқда. Келинг, яна бир бор айрим мисолларни айтиб ўтайлик.
Шу йил 8 май. Кеч соат 23:30 лар атрофида Тошкент туманининг Олтинтепа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳайдовчи, 1992 йилда туғилган О.С. “Кобальт” русумли транспорт воситасини сунъий ёритилмаган ҳудудда бошқариб кетаётган вақтида йўлнинг ўнг томонидан чап томонига кесиб ўтаётган пиёда, ёши тахминан 50-54 лар атрофидаги, осиё миллатига мансуб бўлган, шахси номаълум пиёдани уриб юборган. Пиёда зудликда шифохонага олиб борилишига қарамасдан олинган тан жароҳатлари ҳаёт учун хавфли бўлганлиги сабаб жонлантириш бўлимида вафот этган.
Худди шу куни, Олмалиқ шаҳрида ҳам пиёда билан боғлиқ ҳолат қайд этилган. Шу куни соат 17:30 лар атрофида ҳайдовчи С.Х. “Нексия” русумли транспорт воситасини Олмалиқ шаҳар, Примқулов кўчаси бўйлаб бошқариб бораётган вақтида йўлнинг пиёдалар учун белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган пиёда, 1937 йилда туғилган К.Т.ни уриб юборган. Пиёда тезда шифохонага олиб борилган. Шифокорларнинг ҳаракатлари билан унинг ҳаёти асраб қолинди. Аммо у энди узоқ вақт даволанишига тўғри келади.
8 майдаги учинчи ҳодиса Ангрен шаҳрида содир бўлган. Ҳайдовчи И.Д. “Ласетти” русумли транспорт воситасини шаҳарнинг Алишер Навоий кўчасида бошқариб кетаётган вақтида пиёда, 1939 йилда туғилган М.О.ни уриб юборган. Аммо, шифокорлар бу пиёданинг жонини асраб қолиша олмади. Сабаби тан жароҳатлари жуда оғир бўлган.
Ҳурматли пиёдалар! Йўл ҳамиша тасодифларга тўла бўлган. Йўлларимизда хавф-ҳатар ҳамиша мавжуд. Ундан асраниш эса аввало ўз қўлингизда эканлигини унутманг. Йўлларда доимо ҳушёр ва сергак бўлинг. Унутманг, сиз кўриб турган нарсаларни ҳайдовчи кўрмаслиги мумкин. Ҳайдовчилар, йўлда хавф тўсатдан пайдо бўлишини доимо ёдда сақланг. “Йўл ҳаракати қоидалари”га амал қилинг.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати