Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди
Бу гапни эшитган ҳар қандай одамнинг эти бир жунжикиб кетади. Жуда ҳам нохуш ҳолат. Аммо, кўча тасодифларга тўла. Йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиб турибди. Бироқ бу ҳодисаларни ҳеч ким қасддан содир этмайди. Уйидан чиқар экан ҳар бир ҳаракат иштирокчиси оиласи бағрига соғ-саломат қайтиб келишни ният қилади.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлили улар эҳтиётсизлик қилинганида ёки “Йўл ҳаракати қоидалари” талаблари бузилганидагина содир бўлишини кўрсатади. Мана бунга бир мисол. Жорий йил 16 март куни Тошкент вилоятининг Пискент тумани ҳудудидан ўтган А-373 автомобиль йўлининг 53 километрида ҳаракатланиб келаётган “Нексия” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси, 1976 йилда туғилган А.Х. шу йўналишда орқага қайрилиб олиш учун бурилиш чироқларини ёқиб турган, ҳайдовчи С.Т. бошқарувидаги юк автомобилига келиб урилган.
Тўқнашув натижасида “Нексия” русумли автомобиль ҳайдовчиси А.Х. ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари олиб шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Ушбу йўл-транспорт ҳодисасини бир озгина таҳлил қиладиган бўлсак, унда ҳайдовчи оралиқ масофани сақламаганлиги, ҳаракатланиш чоғида эҳтиётсизлик қилганлиги кўринади. Тўғри, хулоса тергов якунларига кўра чиқарилади. Аммо, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳайдовчи эҳтиётсизлик қилгани кўриниб турибди.
Биз ушбу ҳодиса сабаб ҳаракатнинг бошқа иштирокчиларини ҳушёрликка чақиришни лозим топдик. Йўлда юрганда ҳамиша ҳушёр ва сергак бўлинг. Тезлик талабларини бузманг. Қувиб ўтишда эътиборсизлик қилманг. Оддийгина бу талаблар ҳаётимиз хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини унутманг.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати