Тест режимида

Ҳодисалар

Кўзлар очилиши учун кўчалар кезиб юрган автокарвон

Содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида Бухоро вилоятида ҳам бир қанча самарали ишлар ташкил этилмоқда. 

Қоидабузарликларга чек қўйиш мақсадида доимий равишда кундузги ва тунги назорат рейд тадбирлари тўхтовсиз ўтказилмоқда. 

Шунингдек, йўл ҳаракати қатнашчиларига таъсирчан бўлиши, кўз билан кўриб ишониши учун йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида техник шикастланган (пачоқланган) автомобиллар ортилган махсус эвакуаторлар карвони Бухоро кўчалари бўйлаб кезиб юрди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида "Жума-йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи куни" доирасида ҳайдовчи ва пиёдалар ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди. 

Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи йўналишли ва йўналишсиз транспорт воситалари ҳайдовчилари ўртасида ҳам содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари муҳокама этилиб, кўп йиллик тажрибага эга бўлган ҳайдовчиларга сўз берилди. Ҳайдовчилар ёш авлод ҳайдовчиларга ўзларининг керакли тавсияларини беришди. 

Шунингдек, йўл ҳаракати қоидалари юзасидан ҳам қўшимча маълумотлар яна бир бор эслатиб ўтилди.