Тест режимида

Ҳодисалар

Маст йўловчи ЙПХ инспекторларига қаршилик кўрсатди

2020 йил 20 январь куни соат 21:30ларда, Сирдарё вилояти Сирдарё шаҳар ҳудуди бўйлаб йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаб, бодикамералар билан хизмат олиб бораётган Сирдарё тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХГ катта инспекторлари, Э. Парманов, С.Файзиев ҳамда тумани ИИБ 2-сон маҳалла ИИБ ЙПХ ходими Ф.Алимбаевлар Сирдарё шаҳар Ўзбекистон шоҳ кўчасида мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича рейд олиб бораётган вақтида, Қашқадарё вилояти Миришкор туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган Хамроев Жамолиддин Захриддинович Янги Миришкор қишлоғида яшовчи, 1971 йилда туғилган Умаров Бахтиёр Панжиевичга тегишли бўлган “Нексия” русумли 70 К 676 LA давлат рақам белгили автомобилни хужжатларсиз бошқараётиб, ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, ҳаракатни давом эттирган.

Шундан сўнг, ЙПХ катта инспектори Э.Пармонов “Ласетти” русумли 20 230 VSF давлат рақам белгили хизмат автомобилида ЙПХ инспекторлари С.Файзиев ва Ф.Алимбаевлар билан биргаликда “Нексия” автомобилини кузатиб боришган. Улар тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатланган транспорт воситасини Сирдарё шаҳар Янги Ҳаёт маҳалласидаги “Мега люкс” корхонаси ёнида тўхтатиб, ҳайдовчидан хужжатларни тақдим этишини сўрашган. Ҳайдовчи Ж.Хамроев бошқариш ҳуқуқини берувчи хужжатлари йўқлигини маълум қилган вақтида, “Нексия” автомобили йўловчиси Қашқадарё вилояти Миришкор туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган Панжиев Жахонгир Бахтиёр ўғли йўловчи ўриндиғи томонидан тушиб келиб, тиззаси билан, хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ инспектори Э.Пармоновнинг қорин қисмига тепиб, кўкрак нишонини юлиб олган.

Шунингдек, ЙПХ инспектори сержант С.Файзиев фуқаро Ж.Панжиевни тинчлантирмоқчи бўлган вақтида, унга ҳам фаол қаршилик кўрсатиб, унинг ҳам кўкрак нишонини юлиб олиб, бармоғини қайириб синдирган. ЙПХ инспекторлари фуқаролар Ж.Панжиев ва Ж.Хамраевларни шахсига аниқлик киритиш ва қонуний чора кўриш мақсадида Сирдарё тумани ИИБга олиб келишган вақтида, фуқаро Ж.Панжиев ўзининг ҳуқуқбузарлигини яна давом эттириб, сафдор Ф.Алимбоевнинг юз қисмига бир маротаба калласи билан уриб, тан жароҳати етказган.

Фуқаро Ж.Панжиевни алкотестор кўригидан ўтказилганда, “алкоголь мастлик” ҳолатида эканлиги аниқланган.

Ҳозирда бодикамералар хотиралари текширилиб, Сирдарё  туман прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати