Ҳодисалар

Навоийда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича маълумот

2026 йил 5 май куни соат 09:05 ларда Навоий вилояти, Нурота тумани, "Янгиҳаёт" МФЙ ҳудудидан ўтувчи маҳаллий аҳамиятдаги 85V-043 автомобиль йўлининг 8–9-километрлари оралиғида ҳайдовчи, 1992 йилда туғилган Г.Қ., тегишли ҳужжатларсиз "Matiz" русумли автомобилни бошқараётиб, тажрибасизлиги ва чалғиши оқибатида руль бошқарувини йўқотган ва йўлнинг чап томонига чиқиб кетиб, ағдарилган.

Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи Г.Қ. кўрсатилган муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган. Автомобилда бўлган 14 нафар вояга етмаган йўловчи (улардан бири ҳайдовчи Г.Қ.нинг фарзанди) турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

Суриштирувлар давомида Г.Қ. оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари сифатида фаолият олиб боргани маълум бўлди. 14 нафар болаларнинг "Matiz" автомашинасида қоидаларга зид равишда ташилишига уларнинг ота-оналари ҳам эътиборсиз бўлганини кўриш мумкин.

Мазкур ҳолат юзасидан тергов олди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Барча ҳайдовчилардан тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқармасликларини ҳамда одам ташиш қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраймиз. Ота-оналардан эса вояга етмаган фарзандларини хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратишларини сўраб қоламиз.