Ходим коррупцияга йўл қўймади
2019 йил 15 декабрь куни соат 17:00 лар чамаси Қашқадарё вилояти Шахрисабз шахри ҳудудидан ўтган М-39 “Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг 1174-км.да хизмат олиб бораётган Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ отряди гуруҳ командири, катта лейтенант Ш.Отакулов томонидан Шахрисабз шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган Б.Д. бошқарувидаги “ДАМАС” автомобили тўхтатилади. Бунга сабаб у йўл ҳаракати қоидасини бузиб, йўлни иккига ажратиб турувчи узлуксиз ўқ чизиғини босиб, автомобиль бошқариб келаётган бўлган. ЙПХ ходими ҳайдовчининг автомобилни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини текширганида, ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги аниқ бўлади. Б.Д.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, унинг автомобили вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилган. Шундан сўнг, ҳайдовчи Б.Д.нинг қариндоши, 1989 йилда туғилган фуқаро Ғ.С. автомобилни жарима майдончасидан чиқариб беришда ёрдам сўраб, катта лейтенант Ш.Отакуловга учрашади ва унга 500 минг сўм пул таклиф этади.
Касбига садоқатли ЙПХ ходими уларнинг бу таклифини рад этиб, мазкур ҳолат бўйича Шахрисабз шаҳар прокурорига билдирги билан мурожаат қилади.
Ушбу билдирги юзасидан жорий йилнинг 17 декабрь куни соат 00:30 ларда Шаҳрисабз шаҳар прокуратураси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро Ғ.С. юқоридаги жарима майдончасининг қоровулхонасида катта лейтенант, Ш.Отакуловга 290 минг сўм пулни пора сифатида бераётганида ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки терговолди ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати