“Нексия” ва автобус тўқнашувида бир нафар ҳайдовчи қурбон бўлиб, 3 нафар йўловчи тан жароҳати олди
Жорий йилнинг 7 май куни соат 20:10 ларда Қорақалпоғистон Республикаси, Беруний тумани, Олтинсой МФЙ ҳудудидан ўтган ички автомобиль йўлида ҳайдовчи 1972 й.т. М.А. “Нексия” русумли транспорт воситасини юқори тезликда бошқариб кетаётиб, рул бошқарувини йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, қаршисидан ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи 1990 й.т. Ш.Н. бошқарувидаги “Isuzu” русумли автобус билан тўқнашган.
Натижада, “Нексия” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси 48 ёшли М.А. оғир тан жароҳати олиб воқеа жойида вафот этган. Ушбу автомашина йўловчилари 1976 й.т. М.У., 1976 й.т. Р.М. ҳамда “Isuzu” русумли автобус йўловчиси 1997 й.т. М.Р. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Беруний тумани ИИБ ТБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Барча йўл ҳаракати иштирокчиларидан йўлларда ҳаракатланганда "Йўл ҳаракати қоидалари"га амал қилишларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати