Қоидабузар яна қоида бузди. Натижада 4 киши вафот этиб, 3 киши тан жароҳати олди
Жорий йилнинг 18 август куни соат 15:00 ларда, Самарқанд вилояти, Ургут тумани “Бахрин” МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1114-километрида ҳайдовчи 1999 й.т. Д.А. “ЗИЛ-ММЗ-554” русумли юк автомашинасини бошқариб кетаётиб, йўлнинг хавфли бурилиш жойида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, қаршисидан келаётган ҳайдовчи 1988 й.т. А.Ж. бошқарувидаги “Кобальт” русумли транспорт воситаси билан тўқнашув содир этган.
Натижада, “Кобальт” автомобили ҳайдовчиси 32 ёшли А.Ж. ва йўловчиси 49 ёшли А.Ш.лар тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этишган. Йўловчилар 13 ёшли Н.Т. ва 5 ёшли И.Б.лар тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этишган.
Шунингдек, ушбу автомобиль йўловчилари 45 ёшли Л.М., 29 ёшли М.Х. ва 3 ёшли А.Б.лар тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган.
ЙТҲ юз берган жойда 1.12.2 – “Хавфли бурилишлар” огоҳлантирувчи йўл белгиси ўрнатилган. “ЗИЛ-ММЗ-554” юк автомашинаси ҳайдовчиси Д.А. йил давомида икки маротаба йўл белгиларига амал қилмасдан қоидабузарлик содир этган. Учинчи қоидабузарлик аянчли ЙТҲ билан якун топди.
Мазкур ЙТҲ юзасидан 18 август куни Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Барча ҳайдовчилар тезлик меъёрлари, йўл белгилари ва чизиқлари талабларига риоя қилишларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати