Тест режимида

Ҳодисалар

ҚОИДАБУЗАРЛИК ЙТҲГА САБАБ БЎЛДИ

Аксарият йўл-транспорт ҳодисалари ҳаракат иштирокчиларининг эҳтиётсизликлари ва қоидабузарлиги натижасида юзага келади. “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг бирор-бир талабини у ёки бу тарзда бузилиши эса тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келади. Агар автомобиль йўлларимизда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларини таҳлил қиладиган бўлсангиз, энг кўп ҳодисалар пиёдаларни уриб кетиш билан боғлиқ эканлигини кўрасиз. Баъзан пиёда йўлнинг белгиланмаган жойида йўлга чиқиб қолади. Айрим ҳолларда ҳайдовчи эътиборсизлик қилади. Оқибатда эса йўл-транспорт ҳодисаси юзага келади.
Албатта, бирор-бир ҳодиса баён этилган маълумотларни кузатар экансиз, шу воқеа содир бўлмаслиги мумкинмиди? деган савол юзага келади. Қаранг, жорий йилнинг 21 апрель куни кундузи, соат тахминан 11:30 лар атрофида, ҳайдовчи Г.Х. “Нексия-3” русумли транспорт воситасини Чирчиқ шаҳрининг А.Навоий кўчаси бўйлаб бошқариб кетаётган вақтида “Барбадос” номли ошхона олдида йўлнинг қатнов қисмини ўнг томондан чап томонига, белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган пиёда, 1960 йилда туғилган Г.С.ни уриб юборган. Пиёда зудлик билан Қибрай туман шифохонасининг жонлантириш бўлимига олиб борилган. Шифокорларнинг ҳаракатларига қарамасдан пиёданинг ҳаётини асраб қолишнинг имкони бўлмаган.
Ҳозирги кунда Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.