Тест режимида

Ҳодисалар

Қорақалпоғистон Республикасида фуқаро ЙҲХБ ходимига пора бераётганда ушланди.

2020 йил 7 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЙҲХБ томонидан тегишли тартибда берилган маълумотномасиз автотранспорт воситаларини таъмирлаш ҳолатларини аниқлаш юзасидан Нукус шаҳар 21-кичик туман ҳудудида жойлашган автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи устахоналарда текширув тадбирларини ўтказиш даврида, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЙҲХ Бошқармаси йўл ҳаракати доирасидаги қонунбузарликлар билан курашиш гуруҳи катта инспектори Б.Бекматов томонидан “Alima olimp plus” оилавий корхонасига тегишли устахонада ишчи бўлиб ишловчи Нукус шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган фуқаро Р.Ш. “Некис-3” русумли транспорт воситасини техник шикастланган жойларини, тегишли маълумотномаси бўлмасдан таъмирлаётганлигини   аниқлаб, тегишли тартибда расмийлаштирган.

Жорий йилнинг 11 февраль куни соат 11:00 да Б.Бекмуратов ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув ишлари олиб бориш учун фуқаро Р.Ш.ни ўз хизмат хонасига чақиртирган. Фуқаро Р.Ш. жавобгарликдан қочиш мақсадида Б.Бекмуратовга ушбу тўпланган ҳужжатларни чора кўрмай, ижобий ҳал қилиб беришни сўраб, бунинг эвазига пора таклиф қилган.

Шу куни соат 18:00 ларда фуқаро Р.Ш., Б.Бекмуратовни хизмат хонасига келиб, сўралган хужжатларни олиб келганлигини айтган, ва 200 минг сўм пулларни Б.Бекмуратовнинг столига қўйган.

Ушбу ҳолат юзасидан Б.Бекмуратов рахбарларга хабар берган.

Ҳолат ҳақида берилган хабарга асосан, ҳуқуқни мухофаза қилиш орган ходимлари томонидан фуқаро Р.Ш. ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар прокуратураси томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати