Пиёдаларни уриб юборган ҳайдовчи биринчи тиббий ёрдамни кўрсатмасдан қочиб қолди
Жорий йилнинг 19 март куни соат 15:20ларда, Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳар, И.Каримов кўчасида жойлашган "Samsung" савдо маркази рўпарасида, "Кобальт" русумли автомобиль ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган Д.Б. ва М.Б.ларни уриб юбориб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатмасдан ҳодиса жойидан кетиб қолган.
Пиёдалар Б.Д. ва М.Б.лар енгил тан жароҳати билан шифохонага мурожаат қилишган.
Қарши шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб "Кобальт" автомобили ҳайдовчиси аниқланган. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар тўпланиб Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судига юборилган.
Суд томонидан ҳайдовчи Ш.Н. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 133 (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши) ва 137-моддалари (йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолиш)да кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган дея топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Барча ҳайдовчилардан пиёдаларга эътиборли бўлишларини, тезлик меъёри, йўл белгилари ва чизиқлари талабларига риоя қилишларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати