Пойтахтда содир бўлган бахтсиз ҳодиса масъуллар ва жамоатчилик фаоллари иштирокида муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 27 март куни соат 13:30ларда, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида "Кобальт" русумли автомобиль ҳайдовчиси ёмғир сабаб йўл сирпанчиқлигини инобатга олмасдан, тезликни меъёридан ошириб ҳаракатланиши оқибатида бошқарувни йўқотган ва қатнов қисмини ажратувчи тўсиққа урилиб, қаршисидан ўз йўлида келаётган "Ласетти" русумли автомобилга тўқнашган.
Натижада, "Ласетти" автомобилининг 31 ёшли ҳайдовчиси ва 33 ёшли йўловчиси ҳодиса жойида вафот этишиб, 25 ёшли йўловчи тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.
Мазкур аянчли ЙТҲ юзасидан туман ҳудудида ИИВ ЙҲХББ раҳбарлари, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирокида муҳокама бўлиб ўтди.
Ўз йўлида, қоидаларга амал қилган ҳолда кетаётган "Ласетти" ҳайдовчиси ва йўловчининг бевақт вафотига сабабчи бўлган "Кобальт" автомобили ҳайдовчисининг қоидабузарлиги жамоатчилик фаоллари томонидан кескин қораланди.
Бу каби содир бўлаётган йўллардаги бахтсиз ҳодисаларга сабаб ва омиллар муҳокама қилинди.
Ёши улуғ, тажрибали фуқаролар ЙТҲларга қарши масъул ходимлар билан бир қаторда ҳар бир ҳайдовчи ва пиёдалар бирдек курашиши зарурлигини таъкидлаб ўтишди.
Барча ҳаракат иштирокчиларидан йўлларда об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда, белгиланган қоидаларга риоя қилиб ҳаракатланишларини, қоидаларни четлаб ўтиб ўзи ва ўзгалар саломатлигини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати