Тест режимида

Ҳодисалар

“ТЕЗ ЁРДАМ”ГА ЙЎЛ БЕРМАДИ

Амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг “Махсус транспорт воситаларининг имтиёзлари” деб номланган бобининг 26-бандида “Ҳайдовчилар кўк ёки кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва махсус товушли ишораларини ёққан ҳолда яқинлашиб келаётган транспорт воситаларига,  шунингдек, уларнинг кузатувидаги, яқинни ёритувчи чироқлари ёқилган транспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетишлари учун йўл беришлари шарт”, деб белгилаб қўйилган. Аммо айрим ҳайдовчиларимиз қоидаларнинг ушбу бандини қўпол равишда бузишмоқда.

         Ҳайдовчи, 1981 йилда туғилган С.А. ҳам ана шундай ҳайдовчилардан бири ҳисобланади. У М-39 ҳалқаро автомобиль йўлининг Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳудудида ҳаракатланиб келаётган вақтида, ортидан маёқчалари ва товушли мосламасини ёқиб келаётган “тез ёрдам” машинасига йўл бермасдан ҳаракатланди. Вазиятни кузатиб турган ЙПХ инспектори дархол унга тўхташ ишорасини берди. Ҳужжатларини тақдим этаётган ҳайдовчининг жуда ҳам чарчаганлиги юзидан шундоққина сезилиб турар эди.

         -Сиз “тез ёрдам” машинасига йўл бермадингиз,-деди уни тўхтатган ЙПХ катта инспектори, Ж.Шиндалиев.- Махсус машинанинг маёқчаларини кўрмадингизми?

         -Узр, икки суткадан бери ухлаганим йўқ,-деди ҳайдовчи С.А.-Қаттиқ чарчадим,шекилли, шунга эшитмай қолибман.

         -Ҳурматли ҳайдовчи, “Йўл ҳаракати қоидалари” талабларига кўра транспорт воситасини мастлик ҳолатида (алкоголь, гиёҳванд моддалар истеъмол қилган ва х.к.), сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бошқариш таъқиқланади. Сизга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирамиз.

         Ҳайдовчи ўз ишидан мулзам бўлиб жим бўлиб қолди. Ҳа, ҳурматли ҳайдовчилар, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг талабларини ўрганинг ва унга амал қилинг. Чарчоқлик ҳолатида транспорт воситасини бошқарманг. Унутманг, маёқчаларини ёқиб келаётган “тез ёрдам” кимнингдур ҳаётини асраш учун шошилади. Шифокор ёрдамига муҳтожлар орасида сиз билан бизнинг ҳам яқинларимиз бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати