Тест режимида

Ҳодисалар

Тезлик ва қувиб ўтиш қоидаларининг бузилиши аянчли якун топди

Жорий йилнинг 9 сентябрь куни соат 19:00 ларда, Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани ҳудудидан ўтган М-39 “Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг 996-километрида, ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган С.М. “Ласетти” русумли автомобилни бошқариб кетаётиб, шу йўналишда ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган, ҳайдовчи, 1997 йилда туғилган Б.М. бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомобилни қувиб ўтиш мақсадида тезликни ошириб, ушбу автомобилнинг орқа қисмига урилиб, рул бошкарувини йўкотган ва ҳаракати давомида йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилиб, ЙТҲ содир этган. ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи С.М. бошқарувидаги автомобиль салонида ёнғин содир бўлиб, кузов қисми тўлиқ ёнган.

Содир этилган ЙТҲдан автомобилини олиб қочиш мақсадида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи, 1986 йилда туғилган Ф.И. бошқарувидаги “BONGO 3” русумли юк автомобилининг тормозини кескин босиши оқибатида бошқарувни йўқотиб, йўлни ажратиб турувчи  бетон тусиққа урилган.

Натижада, “Ласетти” русумли автомобиль ҳайдовчиси С.М. ва ушбу автомобилнинг 2 нафар йўловчиси тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган. Шунингдек, Ушбу автомобиль йўловчилари, олд ўриндиғида ўтирган 59 ёшли М.А. ва орқа ўриндиғида ўтирган 55 ёшли М.Н.лар ЙТҲ ва ёнғин оқибатида тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этишган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, қувиб ўтиш қоидаларини бузиб ҳаракатланган “Ласетти” русумли автомобиль ҳайдовчиси С.М. бир йил давомида 2 маротаба қоидабузарлик содир этган.

Барча ҳайдовчилардан қувиб ўтиш қоидалари ва тезлик меъёрига амал қилишларини ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати