Тест режимида

Ҳодисалар

“ТОНИРОВКА” ИШҚИБОЗИ ҚЎЛГА ТУШДИ

Бекобод  шаҳри ҳудудида ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаётган ЙҲХБ катта инспектори Б.Шамсиддинов ойналарининг туси ўзгартирилган, “Матиз” русумидаги транспорт воситасига тўхташ ишорасини беради. Ҳайдовчи инспекторга ҳужжатларини тақдим этади.

-Ҳурматли ҳайдовчи, автомобилингиз ойналарининг тусини ўзгартирибсиз.-дейди, Б.Шамсиддинов ҳужжатлар билан танишар экан.-Бунга рухсатномангиз борми?

-Йўқ, рухсатнома олишга улгурмагандим.

-Ундай бўлса, Сизга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирамиз. Транспорт воситангизни эса вақтинчалик жарима майдонига қўямиз.

-Командир, жаримасини  шу ерда тўлаб кета қолай, иложи бўлса, машиналик ишларим кўп эди.

-Узр, менда жойида жарима қўллаш ваколати йўқ.-деди ЙПХ инспектори.-Қолаверса, айнан шу қоидабузарлик учун жарималар миқдори оширилган.

-Йўғ-э, қанча бўлган жаримаси?

-Энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш баробари.

Ҳайдовчи бошини қашлаганча жим бўлиб қолди. Инспектор эса маъмурий баённома расмийлаштириб, автомобилни жарима майдонига олиб борди.

Бу ҳозирги кунда кўчаларимизда кузатилаётган, ЙПХ инспекторлари билан бўлаётган суҳбатлардан бир мисол. Бу каби жараённи юзага келишига аксарият ҳайдовчиларимизнинг мавжуд қонун ва қоидаларни билмасликлари, хусусан жарималар миқдори оширилганлигидан бехабарликлари бўлса керак.

Маълумки, мамлакатимизда автомобиллар ойналари тусини ўзгартиришнинг қонуний асослари ишлаб чиқилган. Ноқонуний тарзда ойналарни қорайтириш эса Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 126-моддасига асосан жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.

Аммо, айрим ҳайдовчиларимиз қарор талабларини бузган ҳолда транспорт воситаларининг ойналарини тегишли рухсатнома олмасдан қорайтириб олишмоқда. Улар қонун ва қоидаларни четлаб ўтган ҳолда амалга ошириладиган ҳар қандай ҳолат учун жазо муқаррарлигини унитишмоқда.

Йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент вилояти ҳудудида ноқонуний равишда ойналарининг туси ўзгартирилган 151 та транспорт воситаси аниқланиб, уларнинг ҳайдовчиларига нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 126-моддасини барча ҳаракат иштирокчиларига яна бир карра эслатиб ўтишни лозим топдик.

“Техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш, бундан белгиланган тартибда ойналарни қорайтириш учун тегишли рухсатнома берилган транспорт воситалари мустасно, энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, транспорт воситаси ушлаб туриш сабаблари бартараф этилгунга қадар вақтинчалик жарима майдонига қўйилади.

Юқорида айтиб ўтилганлардан қандай хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Энг муҳими ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш барчамизнинг бирдек вазифамиз эканлигини унутмасак бўлди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати