Тошкент вилоятида ЙПХ инспектори қидирувдаги шахсни ушлади...
Жорий йилнинг 11-февраль куни Тошкент вилояти, Зангиота тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори М.Шарифбоев белгиланган дислокация бўйича туман ҳудудида “Автокон” мосламаси билан хизмат олиб бораётган вақтида “Нексия 3” русумли транспорт воситасини тўхтатган.
Инспектор ҳайдовчи билан мавжуд қарздорлик бўйича суҳбат олиб бораётган вақтида, автомашина салонидаги ўзини ғалати тутган йўловчига эътибор қаратган. Йўловчи инспекторда шубха уйғотган ва фуқаронинг шахсига аниқлик киритиш мақсадида туман ИИБга олиб борилган.
Йўловчи тўғрисидаги маълумотлар туман ИИБда компъютер базасига киритилганида инспектор шубҳаси тўғри эканлиги ойдинлашган.
Йўловчи А.О.га нисбатан Тошкент вилояти, Зангиота туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик)нинг 3-қисми “б” бандига асосан жиноят иши очилиб, унга нисбатан 2019 йил 20-декабрь куни қидирув элон қилинганлиги аён бўлган.
Энди ЙПХ инспекторининг ҳушёрлиги сабаб қўлга олинган қидирувдаги шахс қонун олдида ўз қилмишлари учун жавоб беради.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати