“ВАЗ-2107” русумли транспорт воситасида ёнғин содир бўлди
Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 27 май куни соат 11:45 ларда, Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Қорасарой-Нурафшон кўчаси бўйлаб, ТХАЙ кўчаси томон ҳайдовчи 1988 й.т. А.Ғ. (эркак) “ВАЗ-2107” русумли транспорт воситасида ҳаракатланаётиб, 2-сонли туғруқхона қаршисига етган вақтида автомобилнинг двигатель қисмида ёнғин юзага келганлиги сабабли ҳайдовчи йўл четига тўхтаган.
Ҳайдовчи ва автомобиль салонидаги йўловчи зудлик билан транспорт воситасидан тушиб, хавфсиз ҳудудга ўтишган. Ёнғин бартараф этилган.
Ёнғин натижасида тан жароҳати олганлар йўқ.
Мазкур ёнғин юзасидан ФВБ Олмазор тумани бўлими ва Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Барча ҳайдовчилардан бошқарувидаги транспорт воситаси техник созлигига эътиборли бўлишларини, носоз транспорт воситаларини бошқармасликларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати