2021 йил 1 сентябрдан бошлаб қандай ўзгариш ва янгиликлар бўлади?
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:
Ўзбекистон Респуликаси Президентининг 2021 йил 17 августдаги "Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида"ги ПФ-6279-сон Фармонига асосан, 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилади.
Фармонга кўра:
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 822 000 сўм;
- базавий ҳисоблаш миқдори — ойига 270 000 сўм;
- пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 289 000 сўм;
- ёшга доир энг кам пенсиялар — ойига 565 000 сўм;
- болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа — ойига 622 000 сўм;
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 440 000 сўм;
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 440 000 сўм;
- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 623 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори — ойига 623 000 сўм этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 майдаги "Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5108-сон Қарорига асосан, 2021 йил 1 сентябрдан якка тартибдаги ташувчилар ўз фаолиятини фақатгина агрегаторлар хизматидан фойдаланган ҳолда амалга оширади.
Агрегаторлар хизматидан фойдаланишнинг шартлари этиб:
- юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксиларда ёки якка тартибдаги ташувчи сифатида йўловчи ташишни амалга оширишга лицензия варақасига эга бўлиш;
- «Uztrans» ягона интерактив ахборот тизимига уланган кўп тармоқли поликлиникалар, хусусий тиббиёт муассасалари, тиббий кўрикдан ўтказиш шароити мавжуд бўлган автомобиль транспортида йўловчиларни ва юк ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган корхоналарда ҳамда агрегаторлар томонидан ташкил қилинган махсус текширув пунктларида ойлик тиббий кўрикдан ўтиш;
- «Аккредитация маркази» ДУКда аккредитациядан ўтган ва «Uztrans» ягона интерактив ахборот тизимига уланган техник хизмат кўрсатиш станцияларида 6 ойда камида 1 маротаба техник кўрикдан ўтиш белгиланди.
Агрегаторлик хизматларини кўрсатиш шартлари этиб:
- мижозларни излаш бўйича махсус дастурларни Давлат солиқ қўмитасининг электрон ахборот базаси ҳамда «Uztrans» ягона интерактив ахборот тизимига интеграциялаш;
- ўз хизматларини фақатгина юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксиларга ёки якка тартибдаги ташувчи сифатида йўловчи ташишни амалга оширишга лицензия варақасига эга бўлган шахсларга кўрсатиш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 125-сон қарорига асосан, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:
- жисмоний шахсларга тегишли бўлган М1 тоифадаги автотранспорт воситаларини тадбиркорлик субъектлари томонидан мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳаракатланувчи мобиль техник назорат линияларидан фойдаланилади;
- хорижий давлатларга чиқадиган транспорт воситаларидан ташқари барча транспорт воситаларига техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонларни бериш амалиёти бекор қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги "Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-тамоилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 271-сон қароирга асосан, ҳайдовчилардан:
- автомототранспорт воситасини бошқариш учун ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган);
- техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот;
- автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома электрон шаклга ўтказиш орқали мазкур ҳужжатларни автомототранспорт воситаси ҳайдовчисидан талаб этиш тартиби бекор қилинади.