5-синф ўқувчиси мактабга автомобиль бошқариб келсая...
Жорий йилнинг 5 октябрь куни Андижон вилояти, Андижон шаҳар ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими А.Юлдашев белгиланган тақсимот асосида Андижон шаҳар, бешинчи кичик даҳа ҳудудида хизмат олиб бораётган вақтида, хизмат жойига яқин бўлган 41-сонли мактабга, кўринишидан вояга етмаган бола "Нексия-3" русумли транспорт воситасини бошқариб келганлигини кўрган ва дарҳол унинг ёнига борган.
Вояга етмаган боладан ёшини сўраган вақтида, бола ушбу 41-сонли мактабнинг 5-синфида таҳсил олишини маълум қилган.
ЙПХ ходими бола билан мактабга кириб, мактаб раҳбари, ўқитувчилар, ўқувчилар ва боланинг оила аъзоси иштирокида аниқланган ҳолатни муҳокама этган.
Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган, вояга етмаган болага бошқарувни топширганлиги учун автомобиль эгасига нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилган.
Барча ота-оналар ва республикамиз ҳудудидаги мактаблар раҳбарияти ва ўқитувчиларидан юқоридаги каби ҳолатлар содир бўлишига йўл қўймасликларини, вояга етмаган ўқувчиларни доимо назорат қилиб боришларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати