Ахборот технологиялари йўналишида хизмат олиб борувчи ходимларнинг малакаси оширилди
ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги биносида Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида Ахборот технологияларни кенг жорий этишга масъул бўлган ходимларнинг ўқув-амалий кўникмаларини янада ошириш бўйича ўқув йиғини ташкил этилди.
Машғулотларнинг илк кунидаёқ тингловчиларга жорий йилнинг 19 январь куни қабул қилинган "Йўл ҳаракати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Ўқув машғулотлари давомида, ахборот тушунчаси, ахборот технологияларининг мақсади ва вазифалари, Ўзбекистонда ахборот коммуникация технологияларининг ривожланиш истиқболлари, ягона автоматлаштирилган ахборот тизими ва унинг модуллари, дастурлаш, дастурий инженеринг, махсус алоқа воситалари, шунингдек, бодикамералардан фойдаланиш тартиби ҳамда бошқа мавзуларда ИИВ, олий таълим даргоҳлари ва бошқа тегишли идоралардан мутахассислар жалб этилган ҳолда дарслар ташкил этилди.
Машғулотлар якунида ходимлардан синов имтиҳонлари қабул қилинди. Синов натижаларига кўра, шунингдек, ўқув дастури бўйича етарлича билим ва кўникмаларга эга бўлган ходимларга малака оширганлик ҳақидаги сертификатлар топширилди.
Ушбу ўқув йиғинига ҳудудлардан жалб этилган ходимлар машғулотлар давомида ўзаро тажриба алмашиш билан бир қаторда зарур билим ва маълумотларни ҳам ўзлаштирдилар. Бу эса келгусида албатта жойларда ўзининг ижобий натижасини кўрсатишда самарали хизмат қилади.