Тест режимида

Хабарлар

Ҳайдовчи пора бериб автомашинасини жарима майдонидан олиб чиқишга уринди

Жорий йилнинг 1 июнь куни Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ЙҲХГ ЙПХ инспектори Р.Норметов Урганч шаҳар, “Улуғбек” кўчасида хизмат олиб бораётган вақтида, соат 19:20 ларда, ҳайдовчи 1976 й.т. З.С. бошқарувидаги “Ласетти” русумли транспорт воситасини йўл ҳаракати қоидаларининг 9-банди талабини бузиб ҳаракатланаётганлиги сабабли ўрнатилган тартибда тўхтатган.

Ҳайдовчи З.С.дан транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини тақдим қилишини сўраган вақтида ҳайдовчи меъёрий ҳужжатларини тақдим эта олмаган.

ЙПХ инспектори Р.Норметов ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштириб, транспорт воситасини вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирган.

Ҳайдовчи З.С. шундан сўнг, транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига ЙПХ инспектори Р.Норметовга 300.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.

Ходимнинг билдиргисига асосан, 2 июнь куни соат 12:50 ларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, фуқаро З.С. Урганч шаҳар, Гурлан кўчасида жойлашган “Урганч капитал таъмирлаш монтаж” МЧЖга қарашли жарима майдони биноси ичида ЙПХ инспектори Р.Норметовга 350.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида бераётган вақтида, далилий ашё билан қўлга олиниб, ушбу ҳолат холислар иштироқида расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилояти прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати