Ҳайдовчи жавобгарликка тортилмаслик мақсадида ЙПХ ходимига пора таклиф қилди
2021 йил 13 декабрь куни Тошкент вилояти, Бўка тумани ҳудудида хизмат олиб борган ЙПХ ходими Ж.Илҳомов меъёрий ҳужжатларини текшириш мақсадида "Газ-53" русумли юк автомобиль ҳайдовчисини тўхтатган. Мулоқот жараёнида ЙПХ ходими ҳайдовчини спиртли ичимлик истеъмол қилганликда гумонлаган ва мастлик ҳолати бор ёки йўқлигини билиш мақсадида текширувга таклиф қилган. Ҳайдовчи спиртли ичимлик истеъмол қилганлигини айтган, лекин текширувдан ўтишдан бош тортган ва ушбу хатти-ҳаракатини ўз тушунтириш хатида баён этган. Шундан сўнг, ЙПХ ходими ҳайдовчи, 1979 йилда туғилган Ж.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 136-моддаси тартибида баённома расмийлаштириб, автомобилни вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирган.
Ҳайдовчи расмийлаштирилган баённомани бекор қилиш ва автомобилини жарима майдонидан олиб чиқиш эвазига ЙПХ ходимига 1.000.000 (бир миллион) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.
ЙПХ ходими вилоят ИИББ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, пора таклиф қилаётган ҳайдовчига нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Ходимнинг билдиргиси асосида 2021 йил 13 декабрь куни соат 16:30 ларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро Ж.М. ЙПХ ходимига 1.000.000 (бир миллион) сўм пулларни пора тариқасида бераётган вақтда қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бўка тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддаси тартибида жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.