Тест режимида

Хабарлар

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабарига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ж.М. ва бошқалар фуқаролар Н.Ш. ва И.Б.га “В.С.” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб бериш эвазига 1100 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “S.А.” УК автомактаби ҳисобчиси А.Э. фуқаро Д.У.га “В.С.” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига 6,5 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Департаментнинг Когон шаҳар бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ф.Р. фуқаро М.Р.га танишлари ёрдами билан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб қўйиш эвазига 400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.