Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабарига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиариқ тумани бўлими томонидан ИИВ ШХББ Хоразм вилояти бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Г.Д. фуқаролар Т.Ж. ва Р.Б.ни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб қўйиш эвазига 900 АҚШ доллари ва 1,1 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Худди шундай, Департаментнинг Тупроққалъа туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Д.С. фуқаро С.М.нинг ишончига кириб, унинг ўғли Н.М.ни гўёки вилоят ЙҲҲБ идораларида ишловчи танишлари орқали ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш эвазига 400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланиб, ушбу пуллар ҳисобидан 300 АҚШ долларини қайтарганлиги процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Департаментнинг Сариосиё туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ш.Н. фуқаро О.Р.га ўзини “Ватанпарвар” ташкилоти Сариосиё ўқув спорт техника клуби бошлиғи ўринбосари деб таништириб, унга ўқув машғулотлари ва имтиҳонларга қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш эвазига 200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Давлатобод туманида яшовчи К.Х. фуқаро Н.В.ни ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан танишлари орқали ўтказиб қўйиши эвазига 150 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.