Ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабарига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Э.А. фуқаро З.К.нинг ишончига кириб, унга танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб қўйиш эвазига 900 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Янгиариқ туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро А.Ў. фуқаро М.Б.ни гўёки вилоят ИИБда ишловчи танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб қўйиш эвазига 500 АҚШ доллари ва 1,1 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Пайариқ туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, фуқаро Р.Р. бошқа бир фуқаро Э.Э.га 500 АҚШ доллари эвазига танишлари ёрдамида ўқув машғулотлари ва имтиҳонларга қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришини айтиб, олдиндан 300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.