“ҚАМЧИҚ” ДОВОНИ ВАҚТИНЧА ЁПИЛДИ
Об-ҳаво шароитининг кескин ўзгариши, кучли қор ёғиши ва Гидрометеорология хизмати маркази маълумотига кўра кўчки хавфи юзага келганлигини инобатга олиб, шу йил 21 декабрь куни эрталаб соат 08:00 дан бошлаб “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг 228-253-километрлари яъни “Қамчиқ” довони қисмида ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик тўхтатилди. Довон йўли Тошкент вилояти томонидан “Чинор” мунтазам ЙПХ масканидан ва Наманган вилояти ҳудудида “Шеробод” мунтазам ЙПХ масканидан ёпиб қўйилди.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, йўл ёпилгунига қадар “Қамчиқ” довонидан ўтишга улгурмаган автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўловчиларини барча шароитлар билан таъминланган ФВВнинг 15 та назорат кузатув постларига, “Қамчиқ” отрядига, қолаверса, Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Ангрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманидаги мавжуд умумовқатланиш шохобчаларига эвакуация қилиш ишлари ташкиллаштирилмоқда. Бу ишлар учун етарлича даражада техникалар жалб этилган.
Шунингдек, довон йўлини қисқа муддатларда хавфсиз ҳолатга келтириш ва транспорт воситаларининг узлуксиз ва хавф-хатарсиз ҳаракатини таъминлаш мақсадида, “Қамчиқавтойўл” Ихтисослашган йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан 115 та махсус муҳандислик техникалари ва 314 нафар шахсий таркиб, Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБдан 25 нафар, Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБдан 30 нафар ходимлар жалб қилиниб, йўлларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан Ангрен электрофикациялаштирилган темир йўл орқали қўшимча йўловчи поезди қўйилиб, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Ангрен ва Орзу станцияларидан аҳолини эвакуация қилиш ишлари ташкиллаштирилди.
Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида фуқароларнинг жабрланишига ҳамда талофатлар юзага келишига йўл қўйилмади. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси йўл ҳаракати иштирокчиларидан вазиятни тўғри тушунишларини ва йўл очилгунига қадар Тошкент ҳамда Наманган вилоятларидаги умумовқатланиш шаҳобчаларидаги шароитлардан фойдаланишларини тавсия этади.