Андижонда карантин вақтида шаҳар ҳудудида транспорт воситасида ҳаракатланиш ҳуқуқини берувчи «Карантин COVID-19» махсус рухсатномасини соҳталаштирган шахсларга жиноят иши қўзғатилди
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Андижон вилояти бўйича бўлимига келиб тушган маълумотга асосан, муқаддам соҳта ҳужжатларни тайёрлаганлиги учун судланган фуқаро А.Ш томонидан коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш мақсадида Андижон шаҳри ҳудудида транспорт воситаларини махсус рухсатномалар асосида ҳаракатланишини тартибга солиш учун чиқарилган «Карантин COVID-19» махсус рухсатномасини қалбакилаштириш билан шуғулланаётганлиги юзасидан Олтинкўл тумани ИИБ ва вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тезкор тадбир давомида, фуқаро А.Ш яқин қариндоши А.З билан бир гуруҳ бўлиб, Андижон шаҳри, Чинобод кўчасида жойлашган яшаш хонадонида «Карантин COVID-19» махсус руҳсатномасини рангли принтер ёрдамида тайёрлаб, 100.000 сўм пул эвазига таниши А.У га берганлиги ва А.У томонидан ушбу ҳужжатдан фойдаланган ҳолда ўзига тегишли «Дамас» русумли автомашинасида шаҳар ҳудудида ҳаракатланиб юрганлиги аниқланган.
Шунингдек, тезкор тадбир давомида А.Ш.нинг уйидан соҳта 7 дона «Карантин COVID-19» махсус рухсатномаси, эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ва огоҳлантириш талонлари, нотариус томонидан берилган ишончномалар тайёрлаганлиги маълум бўлган ва баённома орқали ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олтинкўл тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан А.Ш ва А.З.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисмининг «б» банди, 228-моддаси 2-қисмининг «б» банди ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида вақтинча ушланган ва «Қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиши бўйича чора тадбирлар белгиланган. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати