Аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида ижобий ишлар амалга оширилмоқда
Бугун Ички Ишлар тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар туфайли аҳолининг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар хақ-ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишнинг изчил механизми такомиллаштириб борилмоқда. Жойларда соҳа ходимларининг тезкорлик билан фаолият олиб боришларини таъминлаш, Ички ишлар бўлимларини аҳолига яқинлаштириш, уларга шарт-шароитлар яратиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида, бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу борада, Бухоро вилоят ИИБ томонидан ҳам бир қатор ишлар бажарилиб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан жорий этилган Сирдарё вилояти тажрибаси асосида, Жондор тумани Хумин МФЙ, Хосакор қишлоғидан ўтувчи М-37 автомобиль йўли ёқасида туман марказидан олисда жойлашган, 16 та маҳаллаларга хизмат кўрсатувчи, аҳоли гавжум бўлган маҳалла марказида мавжуд бўлган таъмирталаб 2 қаватли иншоот қайта реконструкция қилиниб, туман Ички ишлар бўлимининг 2-сонли маҳалла Ички ишлар бўлинмасига фойдаланиш учун топширилди.
Мазкур таъмирланган бинода вилоят ИИБ ЙҲХБ, Жондор, Қоракўл ва Олот туманларига хизмат кўрсатувчи 1-сон Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими ҳамда ЙПХ отряди 5-сафарбарлик гуруҳи ҳам жойлаштирилиб, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситалари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда ЙҲХ шахсий бўлинмалари таркибига ҳам самарали меҳнат шароитлари яратилди. Замонавий қиёфа касб этиб, мукаммал таъмирдан чиқарилган, янги жиҳозлар ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган мазкур бинонинг фойдаланишга топширилиши Ички ишлар органларини аҳолига яқинлаштириб, тезкорлик билан ҳаракат қилиш, хизмат кўрсатиш сифати ва даражасини яхшилаш имконини бериши кутилмоқда.
Мазкур 2 қаватли иншоотни фойдаланишга топшириш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Фарход Умаров бошчилигидаги вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳамда туман мутасаддилари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, аҳоли ва шахсий таркибга яратиб берилган ана шундай замонавий шарт-шароитларга эга маъмурий бинонинг фойдаланишга топширилгани билан қутлаб, шахсий таркибга юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек шарафли ва масъулиятли ишларида муваффақиятлар тиладилар.