Тест режимида

Хабарлар

Қашқадарёда фуқаро ЙПХ ходимига пора бераётган вақтда қўлга олинди

Жорий йилнинг 21 апрель куни соат 07:00ларда, Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори А.Ражабов Қарши шаҳар, Шаршара чорраҳасида хизмат олиб бораётган вақтда "Дамас" русумли автомобиль ҳайдовчисини тўхтатган. Ҳайдовчи О.Ш. автомобилни мастлик ҳолатида бошқарганлигини аниқлаган ва маъмурий баённома расмийлаштириб, транспорт воситасини вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирган.

Шундан сўнг, фуқаро О.Ш. ўзига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённома юзасидан тегишли чора кўрмаслик, автомобилни жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 1.000.000 (бир миллион) сўм миқдоридаги пулни ЙПХ инспекторига пора сифатида таклиф қилган.

ЙПХ инспектори вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, пора таклиф қилаётган фуқарога қонуний чора кўрилишини сўраган.

Ходимнинг билдиргиси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида шу куни ўтказилган тезкор тадбир давомида, соат 21:40ларда, Қарши шаҳар, Худойзод МФЙ ҳудудида жойлашган жарима майдонида фуқаро О.Ш. ЙПХ ходими А.Ражабовга 487.000 (тўрт юз саксон етти минг) сўм миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, фуқаро О.Ш.нинг ёни шахсий тинтув қилиш жараёнида, чўнтагида 505.000 (беш юз беш минг) сўм пуллар борлиги аниқланиб, ушбу пуллар ЙПХ инспектори А.Ражабовга бериш учун ўзи билан олиб келган пулларнинг қолган қисми эканлигини маълум қилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.