Қашқадарёда фуқаро ЙПХ ходимига пора бераётган вақтда ушланди
Жорий йилнинг 29 август куни Қашқадарё вилояти, Миришкор тумани, Чаманзор МФЙда яшовчи 1987 йилда туғилган фуқаро Н.Т. тегишли ҳужжатларсиз “Матиз” русумли транспорт воситасини бошқарганлиги учун ЙПХ ходими томонидан унга нисбатан чора кўрилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилганлигини айтиб, туман ИИБ ЙҲХГ катта инспектори О.Шомуродовга автомобилни жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 400.000 сўм пулларни пора тариқасида таклиф қилган.
Катта инспектор О.Шомуродов мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилган.
Жорий йилнинг 29 август куни соат 20:05 ларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Н.Т. пора сифатида таклиф қилган жами 400.000 сўм ўрнига 500.000 сўм миқдоридаги пулларни катта инспектор О.Шомуродовнинг хизмат хонасида бераётган вақтида далилий ашё билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миришкор тумани прокуратураси томонидан фуқаро Н.Т.га нисбатан жорий йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.