Автомашинасини пора орқали жарима майдонидан олиб чиқмоқчи бўлган шахс ниятига ета олмади
Жорий йилнинг 30 июнь куни соат 20:10ларда Самарқанд шаҳрининг Даҳбед кўчасидан ҳаракатланиб келган “Nexia-2” русумли автомашина ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсунмай, ҳаракатини давом эттириб, қочиб кетган. Ҳайдовчи бошқа чорраҳада тўхтатилиб, ҳужжатлари текширилганда, ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги, тегишли рухсатномасиз автомашинанинг олд ва ён ойналари тусини ўзгартирилганлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.
Шундан сўнг, жорий йилнинг 1 июль куни ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг олдига келиб, жарима майдонида турган автомашинасини чиқариб бериш эвазига 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида таклиф қилган.
Инспектор фуқарога ушбу ҳаракати ноқонунийлиги, пора бериш жиноят эканлигини тушунтиришига қарамасдан, ҳайдовчи ушбу ниятидан қайтмаган. ЙПХ инспектори ҳолат юзасидан вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган.
Ходимнинг билдиргисига асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳайдовчи ЙПХ инспекторига 100 (юз) АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтда ушланган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ Ахборот хизмати