Автомобилини пора орқали жарима майдонидан олиб чиқмоқчи бўлган шахс ниятига ета олмади
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманида ЙПХ ходими томонидан ҳайдовчи, 1989 йилда туғилган Н.Қ. бошқарувидаги "Matiz" русумли автомобиль тўхтатилиб текширилганда, ҳайдовчи Н.Қ. маст ҳолатда эканлиги аниқланган ва унга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.
Шундан сўнг, жорий йилнинг 20 сентябрь куни ҳайдовчи Шаҳрисабз тумани ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Ш.Отақуловнинг ёнига келиб, маъмурий баённомани бекор қилиш ва жарима майдонида турган автомобилини чиқариб бериш эвазига 300 (уч юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида таклиф қилган.
Ҳолат юзасидан Ш.Отақулов вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилган.
Ходимнинг билдиргисига асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳайдовчи Н.Қ. туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Ш.Отақуловга 300 (уч юз) АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтда ушланган.
Ҳолат юзасидан Шаҳрисабз туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.