Тест режимида

Хабарлар

Автомобилни жарима майдончасидан чиқариш учун пора таклиф қилган ҳайдовчи қўлга олинди

Фарғона вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ЙПХ инспектори сафдор Э.Бегматов 2020 йил 9 октябрь куни, “Нексия 3” русумли транспорт воситасини тегишли рухсатномасиз автомобиль ойнасининг тусини ўзгартирилганлиги учун ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, вақтинча сақлаш учун жарима майдонига олиб киради. Эртасига, ҳайдовчи А.Ғ сафдор Э.Бегматовга қўнғироқ қилиб, жарима майдончаси олдида учрашиб, гаплашиб олиши кераклигини айтади. Учрашув вақтида ҳайдовчи А.Ғ сафдор Э.Бегматовга транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериши учун 500.000 сўм миқдорида пора таклиф қилади. ЙПХ инспектори ҳайдовчига ҳаракатида пора бериш жинояти борлиги ва жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамасдан, ҳайдовчи пора таклиф қилишда давом этади.

Шундан сўнг, сафдор Э.Бегматовнинг тегишли тартибдаги билдиргиси асосида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ Фарғона вилояти бўйича бўлими, Фарғона шаҳар прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро А.Ғ сафдор Э.Бегматовга Фарғона шаҳар, Ю.Саккокий кўчасида жойлашган жарима майдончасининг кириш эшиги олдида 300 минг сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ҳолислар иштирокида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Фарғона шаҳар прокуратурасига юборилди.

Шунингдек барча фуқароларимиздан аввало йўл ҳаракати қоидаларига қатьий амал қилишларини, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирда ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлувчи ҳаракатлардан йироқ бўлишларини сўраб қоламиз!

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати