Аввал ҳам жавобгарликка тортилган фуқаро яна гиёҳвандлик моддаси билан ушланди
“Гиёҳвандликка қарши кураш” ойлиги доирасида, соҳавий хизматлар ҳамкорлигида ўтказилган рейд тадбири давомида, жорий йилнинг 11 февраль куни, соат 12:00ларда, Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳар, Арал МФЙ, Жайҳун кўчасида жойлашган “Пойтахт” чойхонаси яқинида “Ласетти” русумли автомобиль текширилганда, салон қисмидан қора рангли целофанга ўралган, 4 (тўрт) дона “Спички” ёзувли гугурт қутисида бўлган, яшил рангли, ўткир ҳидли гиёҳвандлик моддасига ўхшаш ўсимлик қуритмаси топилган ва тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. Суриштирув давомида ушбу ўсимлик қуритмаси автомобилнинг олд ўриндиғида ўтирган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жавобгарликка тортилган, 1986 йилда туғилган У.О.га тегишли эканлиги маълум бўлган.
Судга оид кимёвий экспертизанинг хулосасига кўра, ушбу ўсимлик қуритмаси таркибида фаол гиёҳванд модда “тетрагидроканнабинол” мавжудлиги ва ушбу ўсимлик моддаси “Марихуана” деб номланиши, оғирлиги 12,1 граммни ташкил этиши маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар 4-сонли ИИБ ТБ томонидан фуқаро У.О.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати