Барчамиз масъулмиз
Ғалла ризқ-рўзимиз эканлиги, уни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишга барчамиз бирдек масъул эканлигимиз ҳақида ошиқча гапирмасак ҳам бўлади. Шу сабабдан сеники-меники демасдан бу муҳим мавсумни уюшқоқлик билан ўтказишимиз, деҳқонларимизнинг пешона терилари эвазига етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишга ҳар биримиз ўз улушимизни қўшишимиз даркор.
Бу йил Тошкент вилояти ҳудудида 116 минг 100 гектар майдонда ғалла етиштирилди. Бу ҳосилни қисқа фурсатларда ўриб олиш учун жами 356 та юқори унумли комбайнлар жалб этилади. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ушбу ишларга масъул бўлган тегишли ташкилотлар мутасаддилари билан ҳамкорликда уларнинг техник ҳолатини кўрикдан ўтказишди. Бу кўриклар давомида аниқланган айрим камчиликлар тезда бартараф этилиб, комбайнлар тўлиқ мавсумга шай ҳолатга келтириб қўйилди.
Бу ўтказилаётган тадбирлар, текширувлар беҳуда бўлмаётганлигини, у ўзининг ижобий самарасини бераётганлигини кўрсатади.
Албатта, мавсумни муваффақиятли ўтказишнинг яна бир қатор бошқа омиллари ҳам борки, биз фаолиятимиз давомида бу муаммоларни ҳам назардан четда қолдирмаймиз. Жумладан, ўтказилган икки текширув даврида ғалла майдонларига олиб борувчи, дон ташилиши кўзда тутилган хўжалик ички йўллари ҳам текшириб чиқилди. Чунки носоз йўл ҳам қайсидир маънода ғалла нобудгарчилигига сабаб бўлади. Бу борада ҳам бир қатор муаммолар текширувлар вақтида аниқланди. Масалан, ҳаракатни тартибга солишда етишмаётган 238 та йўл белгиси ўрнатилиб, 61 таси алмаштирилди. 5200 погоннометр муҳофазаловчи тўсиқлар ўрнатилди. 21 та кўприк ва сув қувурларидан ўтиш жойлари тўсиқлар билан таъминланди ва 12 430 м.кв йўл қатнов қисмида таъмирлаш ишлари бажарилди.
Бизнинг ниятимиз жойларда ғалла ўрими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш ишига кўмаклашиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этишда деҳқонларимизга ёрдам беришдан иборат.
Умуман олганда шуни айтиб ўтмоқчимизки, ғалла ўрим-йиғим даврида ҳосилни нес-нобуд бўлиши ва талон-тарож қилинишининг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, ёнғин ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ишига барчамиз бирдек масъулмиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати