Бош бошқармада брифинг ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасида соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари журналистлари иштирокида брифинг ўтказилди.
Йиғилганларга, 2018 йил декабрь ойида, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суди ва Бош прокуратурасининг қўшма қарори билан тасдиқланган “Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом”нинг мазмун моҳияти сўзлаб берилди.
Ушбу низомга мувофиқ, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби белгиланган. Унга кўра ДЙҲХХ томонидан транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича текширув, икки хил тартибда амалга оширилади. Биринчиси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда текширилган, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан сертификатланган транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус техник восита — алкотестер ёрдамида амалга оширилади.
Иккинчи тартибда эса, транспорт воситаси ҳайдовчиси техник восита ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортган ёхуд унда техник восита орқали текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда ДЙҲХХ ходими транспорт воситасини бошқараётган шахснинг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларига олиб боради ва бу иш яъни тиббий текширув бевосита ДЙҲХХ ходимлари иштирокида туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларининг масъул ходимлари томонидан ўтказилади.
Хизмат олиб бораётган ходим томонидан тўхтатилган транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан алкогол хиди келиши, унинг бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги яъни чайқалиб туриши, нутқининг бузилганлиги, қўл бармоқларининг қалтираши, юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги каби ҳолатлар уни текшириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Биринчи усулда яъни алкотестер ёрдамидаги текширув қоидабузарлик юз берган жойнинг ўзида амалга оширилади. Белгиланган тартибга кўра текширув олдидан ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчисини техник воситанинг ишлаш тартиби билан таништиради, зарур ҳолларда, ҳайдовчининг талабига асосан техник воситага тегишли ҳужжатларни кўрсатади. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки текширув камида икки нафар холис иштирокида амалга оширилади. Агар ДЙҲХХ ходимида мобиль камера (body camera) бўлса гувоҳлар бўлиши шарт эмас.
Шу ўринда, бу қурилма нима ва у қандай ишлайди, деган савол туғилади. Алкотестер-бу ҳайдовчи томонидан ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус техник воситадир. Текширув чоғида ҳайдовчи томонидан ҳавога чиқарилган этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда ДЙҲХХ ходими томонидан ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига мувофиқ, маъмурий баённома расмийлаштирилади ҳамда транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонига қўйилади.
Йилнинг ўтган ўн бир ойида бевосита маст ҳайдовчилар айби билан 119 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 56 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 104 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Йилнинг ўтган даврида йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан жами 31605 нафар ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлиги аниқланган.
“Алкотестер” бу каби қоидабузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширади. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги томонидан 109 дона “Алкотестер” қурилмалари харид қилиниб ИИВ ЙҲХББга етказиб берилди. Ушбу “Алкотестер” қурилмалари тақсимот асосида вилоятларга тарқатилди. Ҳозирда ушбу қурилмалардан амалиётда самарали фойдаланиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати