Бўстонлиқ туманидан олиб қочилган автомобиль ЙПХ ходимлари томонидан топилди ва эгасига қайтарилди
Жорий йилнинг 26 сентябрь куни соат 07:30 ларда Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Бараж маҳалла фуқаролар йиғини, Э.Асанов кўчаси 2-уй олдида бир кун аввал қолдирилган “Ваз-21011” русумли транспорт воситаси олиб қочилганлиги тўғрисида фуқаро ички ишлар органларига хабар берган. Шундан сўнг, Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ҳодимлари томонидан тўсиб ушлаш тадбири амалга оширилди. Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув ва суриштирув ишлари натижасида, ушбу автомобиль Бўстонлиқ тумани, Ҳондойлиқ қишлоғи, Кўктўнли МФЙ ҳудудида, намунали уйлар яқинида, қаровсиз ҳолда Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ қидирув ва суриштирув бўлими ходимлари томонидан топилди.
Қидирув-суриштирув ишлари давом эттирилиб, олинган ашёвий далиллар орқали мазкур транспорт воситаси Бўстонлиқ тумани, Ҳондойлиқ қишлоғида яшовчи, 2003 йилда туғилган фуқаро Ў.С. томонидан олиб қочилганлиги аниқланди ва гумонланувчи ўз яшаш уйида ушланди.
Ҳолат юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 267-моддаси 1-қисмига кўра жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.