Бўстонлиқ туманига олиб борувчи автомобиль йўлида дам олиш кунлари фоторадарлар орқали 2218 та қоидабузарлик аниқланди
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг йиғилиш баёнига мувофиқ карантин қоидалари юмшатилганлиги ва ички туризмга руҳсат берилганлиги сабабли Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига дам олиш мақсадида ташриф буюрувчилар сони анча кўпайди.
Бўстонлиқ туманига олиб борувчи 4Р12 “Бектемир-Чирчиқ-Ғазалкент-Чорбоғ” автомобил йўлида дам олиш кунлари автомобиллар оқими кескин ошди. Ушбу автомобиль йўлида йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш ва автомобилларнинг ҳавфсиз харакатланишларини таъминлаш мақсадида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари онлайн режимда айнан йўл транспорт ҳодисалари кўп содир бўладиган жойларда ишлатилди. Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, дам олиш кунлари мобайнида ушбу фоторадарлар орқали 2218 та тезликни меъёридан ошириш ҳолатлари аниқланган. Ушбу аниқланган қоидабузарликларни содир этган фуқороларга нисбатан қонун ҳужжатларида кўрсатилган тартибда жарималар белгиланиб, чиқарилган қарорлар “Ўзбекистон почтаси”нинг маълумотларни қайта ишлаш маркази орқали қоидабузарлик содир этган ҳайдовчи ёки юридик шахснинг манзилига етказилган.
Шу ўринда айтиш лозимки, фоторадарлардан фойдаланишдан кўзланган асосий мақсад автомобиль йўлларида содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ҳисобланади. Таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, 4Р12 “Бектемир-Чирчиқ-Ғазалкент-Чорбоғ” автомобиль йўлида ўтган 2019 йилнинг 1 июнидан 15 июнига қадар 3 та ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлган бўлса, жорий йилнинг ушбу даврида радарлардан самарали фойдаланиш натижасида ҳеч қандай йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилмади. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам фоторадарларнинг самарасини кўрсатиб турибди.
Фурсатдан фойдаланиб фуқароларимизни яна бир карра “Йўл ҳаракати қоидалари”га қатъий амал қилишга, айниқса белгиланган тезлик талабларига риоя қилишга чақириб қоламиз. Билингки, фоторадарлар сизни жазолаш учун эмас, хавфсизлигингизни таъминлаш мақсадида ишлатилади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати